Навбатдаги матбуот анжуманида ички ишлар органларида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш фаолияти муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 28 ноябрь куни ички ишлар органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, ОАВ вакиллари ва аҳоли ўртасида кенг муҳокамага сабаб бўлаётган ҳолатларга муносабат билдириш мақсадида ИИВ Ахборот хизмати томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ички ишлар органларининг фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш фаолияти тўғрисида” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Матбуот анжуманида Ички ишлар вазирлиги Ташкилий департаменти Мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси раҳбарияти ва масъул ходимлари, шунингдек, ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этди.

Тадбирни Ички ишлар вазирлиги Ташкилий департаменти Мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи, подполковник Озодбек Жўрабоев очиб, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг натижалари ҳақида қуйидагиларни айтиб ўтди:

– Ички ишлар вазирлигида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш йўналишида 2019 йилнинг 10 ойи давомида бир қатор амалий тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, мазкур давр мобайнида вазирлик таркибий ва ҳудудий бўлинмаларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали жами 79775 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 76 фоизи қаноатлантирилган ва 19021 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланиши таъминланган.

Аҳолининг мавжуд долзарб муаммоларини ўрганиш мақсадида мамлакатимизнинг энг олис, чекка, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси паст бўлган, тоғли ҳамда чегара ҳудудларида жойлашган аҳоли пунктларида вазирлик раҳбарияти томонидан 136 мартаоммавий сайёр қабуллар ўтказилиб, уларда фуқароларимиздан жами 7296 та турли мазмундаги мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг 2786 таси ёки 38,2 фоизиижобий ҳал этилиши таъминланган, 2600 таси ёки 35,6 фоизи бўйича малакали ҳуқуқий тушунтиришлар берилган, 162 таси ёки 2,2 фоизи қонуний асосларга кўра рад этилган, 1279таси ёки 17,5 фоизи қонуний ҳал этиш чораларини кўриш учун тегишлилиги бўйича бошқа вазирлик ва идораларга юборилган.

Юқорида келтириб ўтилган рақамлар фуқароларимизнинг тизим фаолиятига доир барча мурожаатлари юзасидан уларга ўз вақтида, қонуний ва сифатли ёрдам кўрсатилаётганлигининг ёрқин намунаси ҳисобланади.

Тадбир давомида блогер ва журналистларнинг саволларига Ички ишлар вазирлиги Ташкилий департаменти Мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси раҳбарияти ва масъул ходимлари томонидан батафсил жавоб берилди.

Қуйида анжуманда берилган савол-жавобларни эътиборингиза ҳавола этамиз.

“Ўзбекистон овози” газетаси вакили

Савол: 2019 йилнинг 10 ойи давомида мурожаатларнинг 76 фоизи қаноатлантирилган деб айтмоқдасиз, ушбу мурожаатларда қандай муаммоли масалалар кўтарилган?

Жавоб: Мазкур мурожаатлар асосан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилиш, суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатлари ҳамда ички ишлар органларига хизматга қабул қилиниши тартибига доир масалалар билдирилган мурожаатлардир. Масалан, фуқароликни қабул қилиш масаласидаги мурожаатлар юзасидан фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилиш бўйича ҳужжатлари расмийлаштирилиб, тегишли идораларга юбориш тартибида ҳал этилади, фуқаролик паспортлари расмийлаштирилади. Шунингдек, суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатлари масалаларига доир мурожаатлар бўйича тергов ҳаракатлари қайта тикланиб, процессуал қарорлар қабул қилинади. Иш билан таъминлашга доир мурожаатлар юзасидан эса мавжуд иш ўринлари асосида аҳолининг бандлиги таъминланади.

Савол: Мурожаатлар бўйича туман миқёсида қандай жавоб тайёрланган бўлса, юқори турувчи органлар томонидан ҳам бир хил жавоб бериш ҳолатлари кузтилмоқда. Ушбу бир хилликдан қочиш ва фуқаронинг мурожаати бўйича тўлиқ қаноатлантириш борасида қандай ишлар қилинмоқда?

Жавоб: Вазирлик тизимида фақатгина бевосита туман-шаҳарларда ҳал этилиши лозим бўлган мурожаатларгина кўриб чиқиш учун қуйи тизимга юборилиши мумкин.

Аксарият мурожаатлар юқори турувчи ички ишлар органлари томонидан мавжуд ҳужжатлар билан биргаликда ариза муаллифи иштирокида ўрганилиб, фуқарога ҳудудий ички ишлар органлари томонидан қабул қилинган қарорнинг мазмун-моҳияти амалдаги қонун ҳужжатларидан ҳаволалар келтирилган ҳолда тушунтирилиб, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

Савол: Туман даражасида ҳал қилинмаган мурожаатлар бўйича вазирлик марказий аппаратига такроран мурожаат қилиш ҳолатлари кузатиладими?

Жавоб: Ҳақиқатдан ҳам, туман даражасида ҳал қилинмаган мурожаатлар бўйича вазирлик марказий аппаратига такрорий мурожаатлар келиб тушиши кузатилмоқда.

Мазкур ҳолатларда такрорий мурожаатлар вазирлик марказий аппарати ходимлари томонидан ҳам кўриб чиқилиши йўлга қўйилган. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вазирлик таркибий ва ҳудудий бўлинмаларига келиб тушган мурожаатларнинг 14 фоизи айнан вазирлик таркибий бўлинмалари томонидан кўриб чиқилиши таъминланган.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги вакили

Савол: Собиқ ички ишлар органлари ходимларининг мурожаатлари асосида уларнинг неча нафарининг хизматга тикланиши таъминланди?

Жавоб: Собиқ ички ишлар органлари сафида хизмат қилган ходимларнинг ички ишлар органлари хизматига қайта тиклаш масаласидаги мурожаатларини ўрганиш давомида уларни хизматдан бўшатилишига сабаб бўлган ҳолатлар батафсил ўрганиб борилиши амалиёти йўлга қўйилган. Шу билан бирга, турли сабаблар билан асоссиз жавобгарликка тортилган деб топилиб, улар бўйича оқлов ҳукмлари чиқарилган ва ҳозирги вақтда ички ишлар органлари олдига қўйилган вазифаларни бажара олиши мумкин деб ҳисобланган собиқ ходимларнинг 200 нафарга яқинининг ички ишлар органлари хизматига қабул қилиниши таъминланди.

Савол: “Ашаддий мурожаатчилар” тоифаси ажратилганми ва ушбу турдаги мурожаатчиларнинг мурожаатлари қандай тартибда ҳал этилади?

Жавоб: Ички ишлар органларида фуқаролар мурожаатларининг кўриб чиқилишида мурожаат этган фуқаролар ҳеч қандай тоифага ажратилмайди, уларнинг барча мурожаатлари кўриб чиқилиши таъминланади. Чунки ҳар бир такрорий мурожаатда янги важлар келтирилган бўлиши мумкин. Шу боис барча турдаги мурожаатлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, қонуний ҳал қилинади.

Савол: Тадбиркорларнинг фаолияти билан боғлиқ муаммолар борасида ички ишлар органларига мурожаатлар келиб тушадими ва улар қай тартибда ҳал этилади?

Жавоб: Жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ муаммолар масаласида ИИВ тизимига 200 га яқин мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг барчаси юзасидан қонуний қарорлар қабул қилинган.

Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ муаммолар тўғрисидаги мурожаатлар ҳам бошқа мурожаатлар каби тегишли тартибда рўйхатга олиниб, ижроси алоҳида назоратга олинади. Шу билан бирга, ушбу мазмундаги мурожаатлар бўйича ички ишлар органлари ваколатига тааллуқли бўлган барча вазифаларнинг ижроси таъминланади. Тадбиркорнинг мурожаати бўйича мавжуд муаммони ҳал қилиш масаласи ички ишлар органлари ваколатига тааллуқли бўлмаган ҳолларда эса, мурожаат муаллифига малакали ҳуқуқий тушунтиришлар берилади.

Савол: Ижтимоий тармоқлар орқали келиб тушган мурожаатлар қай тартибда ҳал қилинади?

Жавоб: Ижтимоий тармоқда келтирилган ҳолат бўйича илгари мурожаат этилмаган бўлса, у янги мурожаат сифатида рўйхатга олиниб, тегишлилигига кўра кўриб чиқилади ва қонуний қарор қабул қилинади. Агарда ижтимоий тармоқдаги ҳолат бўйича илгари мурожаат қилинган бўлса, ижтимоий тармоқда келтирилган ҳолат бўйича дастлабки ҳужжатлар атрофлича ўрганиб чиқилади ҳамда натижаси бўйича вазирликнинг расмий веб-сайтида бу ҳақда тегишли маълумот жойлаштирилади. Шу ўринда, фуқароларнинг мурожаатлари қайси тартибда бўлишидан қатъи назар, ўрнатилган тартибда қонуний кўриб чиқилиши таъминланишини таъкидлаш жоиз.

“Ҳуррият” газетаси вакили

Савол: ИИВ тизимида оммавий сайёр қабуллар вақти қандай режалаштирилиши ва уларда кузатилаётган энг кўп мурожаатлар тўғрисида тўхталиб ўтсангиз.

Жавоб: Ички ишлар вазирлиги тизимида раҳбарлар томонидан ўтказиладиган сайёр қабуллар тасдиқланган режа асосида ташкил этилади. Шу билан бирга, мазкур сайёр қабулларнинг шаффофлигини таъминлаш ва аҳолини олдиндан хабардор қилиш мақсадида ўтказилиши режалаштирилган қабулларнинг вақти ва жойи тўғрисидаги маълумотлар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилади.

Сайёр қабулларда келиб тушаётган мурожаатларнинг асосий қисмини
уй-жой ва моддий ёрдам ажратиш, ички ишлар органлари хизматига қайта тиклаш ва ишга кириш, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилиш, суриштирув ва тергов ҳаракатлари, амнистия ва авф этиш каби масалалардаги мурожаатлар ташкил этмоқда.

“Ўзбекистон-24” телерадиокомпанияси вакили

Савол: Фуқароларнинг мурожаатлари юзасидан таҳлилларда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қандай фарқ кузатилмоқда, аниқ рақамларда айтсангиз.

Жавоб: Республика ички ишлар органлари томонидан фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш ва қонуний ҳал этиш ҳамда уларни тизимли равишда таҳлил қилиб, ушбу йўналишдаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан бир қатор мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилиши натижасида 2019 йилнинг 10 ойи мобайнида ички ишлар органларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали келиб тушган мурожаатлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2725 тага, яъни 82500 тадан 79775 тага камайишига эришилганлиги кузатилди.

Савол: Ички ишлар органлари ходимлари томонидан вояга етмаган шахсларни сўроқ қилинишига йўл қўйиладими?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ, ички ишлар органларининг терговчи ва суриштирувчиларига жиноят ишини юритиш давомида вояга етмаганларни процесс иштирокчиси сифатида сўроқ қилиш ваколати берилган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 121-моддасига асосан, ўн олти ёшгача бўлган гувоҳ ёки жабрланувчини сўроқ қилиш қонуний вакили ёки катта ёшдаги яқин қариндоши, педагог ёки жабрланувчининг вакили иштирокида уларнинг розилиги билан ўтказилади. Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг 554-моддасига мувофиқ, вояга етмаган айбланувчини сўроқ қилишда суриштирувчи ёки терговчининг ихтиёрига кўра, педагог ёки психолог ҳам иштирок этиши мумкин. Бундан ташқари, вояга етмаганнинг жиноятлари ҳақидаги ишни юритишда қонуний вакилнинг қатнашиши шартлиги белгиланган.

“Kun.uz” сайти вакили

Савол: Ижтимоий тармоқларда “Жиззахда мактаб ўқувчиси она бўлди” номли видеолавҳа тарқалган эди. Лавҳадаги шахснинг руҳиятига салбий таъсир этиши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда, бу каби материалларни тарқатган шахсларга нисбатан амалдаги қонунчиликка кўра қандай чоралар кўрилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 461-моддасига асосан, шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз, қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Агар шахс маъмурий жазо қўлланилгандан кейин шундай ҳаракатларни бир йил давомида қайта содир этса, у Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг
1411-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Бундан ташқари, шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш оғир оқибатларга олиб келган бўлса, ғаразли ниятларда ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

“Севимли” телеканали вакили

Савол: Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятида мактаб ўқитувчиси калтаклангани оқибатида вафот этганлиги ҳақида маълумот тарқалган эди. Ушбу ҳолатда ички ишлар органлари ходимларининг хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилдими?

Жавоб: Мазкур жиноят ишининг тергови ИИВ ҳузуридаги Тергов департменти томонидан алоҳида назоратга олинган бўлиб, дастлабки тергов ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 22-моддасига асосан синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона олиб борилмоқда.

Савол: Тергов ҳаракатлари жараёнида камчиликларга йўл қўйилгани аниқланса, ходимларга нисбатан қандай процессуал ҳаракатлар амалга оширилади?

Жавоб: Ички ишлар органлари ходимлари томонидан хизмат вазифасини лозим даражада бажарилмаганлиги ҳолатлари тергов давомида аниқланган тақдирда, ушбу юзасидан тегишли хизмат текширувлари ўтказилиб, ҳар бир ходимнинг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо берилиши таъминланади.

Матбуот анжумани якунида ИИВ Ташкилий департаменти Мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи, подполковник О.Жўрабоев томонидан тадбир иштирокчиларига фаоллик учун миннатдорлик билдирилди.

ИИВ Ахборот хизмати

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan