Навбатдаги матбуот анжуманида туризм ва транспорт объектларида хавфсизликни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 12 декабрь куни ички ишлар органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, ОАВ вакиллари ва аҳоли ўртасида кенг муҳокамага сабаб бўлаётган ҳолатларга муносабат билдириш мақсадида ИИВ Ахборот хизмати томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Туризм ва транспорт объектларида хавфсизликни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида» мавзусидаги матбуот анжумани ташкил этилди.

Матбуот анжуманида ИИВ Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бош бошқармаси ҳамда Хавфсиз туризмни таъминлашни мувофиқлаштириш бошқармасининг раҳбар ва масъул ходимлари, шунингдек, ОАВ вакиллари ва блогерлар иштирок этди.

Матбуот анжуманини Ички ишлар вазири матбуот котиби Ш.Гиясов очиб, барча иштирокчиларни тадбирга масъуллар билан таништиргач, сўзни ИИВ Хавфсиз туризмни таъминлашни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи А.Алишеровга берди.

У томонидан соҳада амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг натижалари ҳақида қуйидагилар айтиб ўтилди:

Хавфсиз туризмни таъминлаш бўйича яратилган тизим туризм намойиши объектларида ҳамда сайёҳлар томонидан республика бўйлаб ҳаракатланиш учун фаол фойдаланилаётган темир йўл ва ҳаво транспорти инфратузилмаси объектларида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш чора-тадбирларини ўзида бирлаштирди.

Бундан ташқари, хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмаларига юклатилган вазифаларга мувофиқ, сайёҳлик намойиши объектлари ва туризм инфратузилмаси ҳудудларида юзага келадиган тезкор ва жиноий ҳолатларни тизимли таҳлил қилиш, ҳуқуқбузарликлар сабаблари ва шароитларини аниқлаш, туристларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг мурожаатларини сифатли ва тезкор кўриб чиқиш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг 11 ой давомида Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ИИББ, Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё, Хоразм, ва Қашқадарё вилоятлари ИИБлари хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан 77 та давлат ва халқаро ташкилотдан ташриф буюрган 937 та делегацияни кутиб олиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва кузатиш билан боғлиқ тадбирлар ташкил этилган. Ушбу тадбирлар давомида биронта нохуш ҳолатга йўл қўйилмади. Туризм намойиши объектларида хизмат олиб бораётган хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ходимлари томонидан турли масалаларда ёрдам сўраб мурожаат қилган 91 000 дан ортиқ хорижий ва маҳаллий туристларнинг мурожаатлари кўриб чиқилди. Барча мурожаатлар бўйича зарур ёрдам кўрсатилиши таъминланди.

Туристларга нисбатан содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини ташкил қилиш ҳамда аҳолининг маданияти ва меҳмондўстлик фазилатларини юксалтириш мақсадида хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан 7781 марта профилактик тадбир ўтказилди.

Маҳаллий ва хорижий сайёҳларга хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ҳақида маълумот ва ахборот бериш, туристларга нисбатан ёки улар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида туризм намойиши объектлари ва транспорт инфратузилмасида:

– хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари фаолияти, уларнинг манзили ва телефон рақамлари рус ва инглиз тилларида акс эттирилган баннер ва LED мониторлари ўрнатилди;

– Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти, республикамизнинг туристик харитаси, давлат чегарасидан ўтиш, божхона назорати ва Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларига оид миллий қонунчиликнинг асосий талаблари ҳақида рус ва инглиз тилларида маълумотлар акс эттирилган материаллар (флаер, брошюралар) тарқатилиши йўлга қўйилди;

– туристик компаниялар ва меҳмонхона бизнеси субъектлари учун меҳмонхона хизматларини кўрсатиш ва саёҳатларни ташкил этишда хавфсизлик қоидаларига риоя этишнинг асосий масалалари бўйича тавсияномалар тайёрланиб, тарқатилиши таъминланди.

Туризм намойиши объектлари ва уларга туташ ҳудудларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ушбу фаолият устидан мувофиқлаштирилган бошқарувни ташкил этиш мақсадида Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасида Ситуацион марказ ташкил этилиб, марказ ахборот-коммуникация технологияларининг замонавий восита ва дастурий таъминотлари билан жиҳозланган.

Ситуацион марказда Самарқанд шаҳрининг интерфаол геолокацион харитаси ишлаб чиқилган бўлиб, унга шаҳардаги мавжуд туристик ва ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли яшаш хонадонлари тўғрисида тўлиқ маълумотлар киритилган. Ушбу маълумотлар ички ишлар органларининг ахборот базалари билан интеграция қилинган.

Ситуацион марказнинг ахборот таъминоти туристик объектларга ўрнатилган «SOS» ташвиш тугмачалари билан боғланган бўлиб, Самарқанд шаҳрида жойлашган 134 та объектга ўрнатилган 1319 та кузатув видеокамераси ҳам ушбу марказга уланган. Шунингдек, ХТТБ, ЙҲХБ ва ЖТСБнинг патруль автотранспорт воситалари GPS тизимига уланиб, Ситуацион марказдаги геолокация харитасига интеграция қилинган.

Бу каби Ситуацион марказ Шаҳрисабз шаҳрида жойлашган Қашқадарё вилояти ИИБ ХТТБнинг маъмурий биносида ҳам ташкил этилган. Бугунги кунда Бухоро, Хоразм ва Тошкент вилоятлари ИИБ ХТТБларининг маъмурий биноларида ҳам худди шундай марказларни ташкил этиш бўйича жадал ишлар олиб борилмоқда.

Мамлакатимизнинг метрополитен объектларида, темирйўл ва ҳаво-транспорт инфратузилмасида хавфсизликни таъминлаш Ички ишлар вазирлигининг Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси ваколатига тааллуқли. Мазкур тузилма ходимлари 140 та темирйўл ва ҳаво транспорт инфратузилмаси объектларида жойлашган 115 та пост ва 169 та йўналишда хавфсизликни таъминланмоқда. Бундан ташқари, метрополитен объектларидаги 238 та постда хизмат олиб бориляпти. Шунингдек, мамлакатимиздаги мавжуд 12 та халқаро аэропортда жамоат хавфсизлиги таъминланмоқда. Ушбу аэропортлардан 15 та маҳаллий ва 45 та халқаро йўналишлар бўйича парвозлар амалга оширилади.

Транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлинмалари ходимлари Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйича 31 та маҳаллий, 11 та халқаро йўналишда ва 3 та транзит йўловчи поездларда кузатувни амалга ошириб, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 21 826 900 нафар йўловчининг хавфсизлиги таъминланган.

Мунтазам равишда кўрилаётган профилактик тадбирлар натижасида жорий йилнинг ушбу даврида транспорт объектларидаги умумий жиноятлар сони ўтган йилга қараганда 46,5 фоизга камайишига эришилган ҳамда оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этилишига йўл қўйилмаган.

Қуйида анжуманда берилган савол-жавобларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

«Ўзбекистон-24» телеканали вакили

Савол: Саволим кадрлар танлаш йўналиши бўйича. Маълумки, ички ишлар органларига хизматга қабул қилиниши учун номзод ҳарбий хизматни ўтаган бўлиши керак? Ҳарбийлаштирилмаган олийгоҳлардан ҳам хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмаларига ишга қабул қилиш амалиёти қандай?

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 16 сентябрдаги «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, ёши ўн саккиздан кичик ва ўттиздан катта бўлмаган, тегишли маълумотга эга бўлган, ўзининг шахсий ва ишчанлик сифатлари, соғлиғининг ҳолати ва жисмоний тайёргарлиги бўйича ички ишлар органи ходимининг хизмат мажбуриятларини бажаришга қодир Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ички ишлар органларидаги хизматга ихтиёрий тартибда, танлов асосида қабул қилинади.

Эркаклар ички ишлар органларидаги хизматга киргунига қадар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидаги муддатли ҳарбий хизматни ёки сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўташи ёхуд олий ўқув юртларида ҳарбий тайёргарликдан ўтиши керак.

Ички ишлар органларига ҳарбийлаштирилмаган олий ўқув юртларидан ҳам номзодлар қабул қилинади ва ички норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан хизматга қабул қилинган шахслар 3 ойлик дастлабки синов муддатини ўтишлари белгиланган.

Ички ишлар органларининг Хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари зиммасига юклатилган вазифаларнинг ўзига хос хусусиятлари инобатга олиниб, ушбу хизматга касбий жиҳатдан етук, юқори малакали, юксак муомала маданиятига эга номзодлардан танлов асосида қабул қилинади.

Номзодларга қўйиладиган асосий талаблар:

1) хорижий тилларда эркин сўзлаша оладиган (биринчи навбатда инглиз ва рус тиллари);

2) биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмаларга эга;

3) хизмат фаолияти давомида илғор ахборот-коммуникация технологияларини қўллай оладиган номзодлардан танлаб олинади.

«Qalampir.uz» сайти вакили

Савол: Хавфсиз туризм ходимлари қаерларга қўйилган, куч ва воситалари етарли даражадами?

Жавоб: Хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари республикамизнинг туристик салоҳияти юқори бўлган 7 та минтақасида, яъни Тошкент шаҳри, Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида фаолият кўрсатмоқда. Булардан туристлар оқими энг юқори бўлган вилоятлар Бухоро ва Самарқанд ҳисобланади.

ХТТБ ходимлари бевосита туристлар ташриф буюрадиган сайёҳлик намойиши объектлари ва инфратузилмаси ҳудудларида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши кураш борасида ўз хизмат вазифаларини самарали ташкил қилиб келмоқдалар.

Тошкент шаҳри мисолида ХТТБ ходимлари туризм намойиши объектларидан ташқари, Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси ходимлари билан биргаликда аэропорт ва вокзалларда ҳам хизмат фаолиятини олиб боришлари ташкил этилган.

Савол: Хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ходимлари фуқаролик кийимида хизматни ўташи маъқул эмасми?

Жавоб: Туристларга ўз вақтида ёрдам кўрсатилишини ташкил этиш, уларнинг мурожаатларини тезкор ва сифатли кўриб чиқиш, шу билан бирга, саёҳати давомида хавфсиз мамлакатда ҳаракатланаётганлигини сезишларини таъминлаш мақсадида ходимларнинг хизмат кийимларида ва автотранспорт воситаларида алоҳида фарқловчи белгилар – «Tourist police» ёзувлари ва эмблемалардан фойдаланиш имконияти яратилган.

Савол: Туристлар жавобгарликка тортилган ҳолатлар мавжудми?

Жавоб: Жорий йилнинг 11 ой давомида туристлар томонидан жиноят содир этиш ҳолатлари қайд этилмаган.

«Маҳалла» радиоси вакили

Савол: «Афросиёб» тезюрар поезди деразаларига тош отиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу борадаги статистик маълумотларни келтириб ўтсангиз.

Жавоб: Статистик маълумотларга асосан, жорий йилнинг 11 ойи давомида поезд вагонлари ойналарига тош отиш ҳолатлари 18 та бўлиб, ўтган йилнинг шу даврида бундай ҳолатларнинг сони 24 тани ташкил этган.

Бу каби ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси томонидан аҳоли пунктларида, маҳаллаларда, ўқув масканларида ҳамда ташкилот ва муассасаларда жами 11 267 марта профилактик учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилган. Шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари орқали 614 марта чиқишлар қилинган.

«Qalampir.uz» сайти вакили

Савол: Бир вилоятдан иккинчи вилоятга ўтишда яна постлар ўрнатиш ҳолатлари мавжуд, туристларда бу ҳолат қандай таассурот қолдирмоқда?

Жавоб: Постлар фақат бошқа давлатлар билан чегарадош бўлган вилоятларда вақтинчалик ўрнатилган. Постларнинг ўрнатилиши амалиётидан халқаро тажрибада ҳам фойдаланилади. Ушбу масканлар, авваламбор, фуқароларнинг хавфсизлигини, осойишталигини таъминлашга хизмат қилади. Шу кунга қадар туристлардан бу борада эътирозлар келиб тушмаган ва уларга бу борада муаммолар келтирилмаган.

«Ўзбекистон-24» телеканали вакили

Савол: Метродаги карталар, кўрсаткичлар фақат ўзбек тилида, бу ўз ўрнида чет эллик сайёҳларларга ноқулайликлар келтиради. Келгусида бошқа тилларда ҳам эълон, ахборот доскалари ўрнатилиши режалаштирилганми?

Жавоб: Бугунги кунда «Ўзбекистон темир йўллари»га қарашли Метрополитен раҳбарияти билан биргаликда бу борада тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Метрополитен йўловчилари, шу жумладан, хорижий давлатлардан ташриф буюрган туристлар қизиқтирган барча маълумотларни инглиз тилида ҳам тақдим этиш режалаштирилган.

Матбуот анжумани якунида Ички ишлар вазири матбуот котиби, полковник Ш.Гиясов томонидан тадбир иштирокчиларига фаоллик учун миннатдорлик билдирилди.

ИИВ Ахборот хизмати

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan